Статья на тему:Тил-миллат ?алби


Тил –миллат қалби Мансабинг унутсанг, майлига унут,
Мартабанг унутсанг, майлига унут,
Агарда унутсанг она тилингни,
Заҳарга айлансин онанг берган сут.
Ш. Лойиқ

Биз яшаётган замон ривожланишлар, тараққиёт ва ахборот алмашинадиган замон. Бундай замонда давлат тили бўлмиш қозоқ тилини, расмий тил бўлмиш инглиз ва рус тилларини билиш ҳаммамиз учун долзарб эканлигини яхши тушунамиз. Бизнинг миллий бойлигимиз, тарихимизнинг бир бўлаги, қадимги аждодларимизнинг қимматбаҳо хазинаси, биз фахрланадиган маънавий меросимиз, ноёб дурдонамиз бўлмиш ўзбек тилини ўрганиш биз учун ҳам фарз, ҳам қарз ҳисобланади.     Шуни айтиш лозимки, она тилимизга эътибор бу ўзлигимизга эътибор, бу тарихимизга эътибор, бу маънавиятимизга эътибор, бу аждодларимизга эътибор, бу келажак авлодларга эътибордир! Шунинг учун барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, она тилимизнинг ривожланиши, ёш авлодда уни тўғри ишлатиш, у билан фахрланиш туйғусини уйғотишга ҳаракат қилишимиз лозим. “...ўзликни англаш, миллий онг ва тафаккурнинг ифодаси, авлодлар ўртасидаги руҳий маънавий боғлиқлик тил орқали намоён бўлади. Жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига, аввало, она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади. Она тили бу миллатнинг руҳидир”, деб таъкидлаган буюк замондошларимиздан бири.
   Она тили – миллатнинг руҳидир. Тилни асраш, ривожлантириш – миллатнинг юксалиши демак.   Беруний, Ибн Сино, Ал Хоразмий, Ал Фарғоний, Алишер Навоий, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Бобур Мирзо сингари буюк сиймоларни етиштирган халқ тили мангу барҳаётдир.
Тил - миллат қиёфасининг бир бўлаги. Мутахассисларнинг сўзларига қараганда, бугунги кунда ҳар икки хафтада битта тил йўқолиб бормоқда. Бу ўз навбатида ўша тилда сўзлашувчи халқларнинг йўқолишини англатади. ЮНЕСКО вакилларининг сўзларига қараганда, қачонлардир одамлар сўзлашадиган тилларнинг сони 7 мингдан 8 мингтагача етган бўлса, бугунги кунда сайёрамизда 6 мингта тил мавжуд бўлиб, уларнинг 90 фоизи йўқолиб кетиш арафасида  турибди. Бу асосан цивилизация туфайли маданиятидан айрилаётган кам сонли миллатларнинг тилларидир. Бу тилларда сўзловчи аҳолининг  айримлари ёзувга эга бўлса, айримлари бундан бебаҳрадир. Масалан, Африка тилларида сўзлашувчи аҳолининг 80 фоизи хамон ўз ёзувларига эга эмас. Минглаб тиллардан таълим тизимида фойдаланишнинг имконияти йўқ. Интернетдан фойдалана олмайдиган тиллар ҳақида-ку айтмаса ҳам бўлади. Чунки янги технологияларнинг ривожланиши туфайли айрим халқлар ўз тилларидан кўра замонавий тиллардан фойдаланишга мажбур бўлмоқда. Бугун Интернет тилининг 81 фоизи инглиз тилига тўғри келади. Тўғри, авваллари ҳам тиллар пайдо бўлган, муомалада бўлиб, маълум вақтдан сўнг йўқ бўлиб кетган. Лекин ҳозиргидек тилларнинг жадаллик билан йўқолиши  тарихда  кузатилмаган. Йўқолиб кетиш ҳавфида бўлган тилларнинг сақлаб қолиш йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларнинг асосий мақсади ҳам маданиятлар ва тиллар хилма-хиллигини таъминлашдан иборатдир. Чунки айнан тил туфайли халқ ва элатларнинг маданияти, урф-одатлари сақланиб қолади, сайёрамизда яшаётган халқларнинг ўтмиши ва маданияти ҳурмат қилинади. Тилшунослар йўқолиб кетиш арафасида турган тилларни сақлаб қолишнинг имкониятлари ҳозирча қўлдан бой берилмаганини айтишади. Тилларни сақлаб қолиш учун эса, БМТ экспертларининг фикрича, бу тиллардан таълим тизимида кенг фойдаланишни йўлга қўйиш керак.
   Тил - миллатнинг маънавий бойлигидир. Тил нафақат муомала воситаси - балки халқнинг маданияти, урф-одати, унинг турмуш тарзи, тарихидир. Турли халқларнинг тилларига хурмат эса ўз навбатида ўзаро тушунишни, мулоқотларга имконият яратади. Тилларни сақланиб қолиши учун эса бу тилларни қўллаб-қувватлаш зарурдир. Айнан тил туфайли инсоният у ёки бу халққа мансублигидан фахрланиб яшайди. Барча тилларни тан олиш ва хурмат қилиш тинчликнинг бирдан бир кафолотидир. Шу сабабли ҳам хар бир халқ ўз тили сақланиб қолиши учун ҳаракат қилади.
   Лингвист олимларнинг фикрича, яна 25 йилдан сўнг хозир муомалада бўлган тилларнинг ўнтасидан биттаси сақланиб қолар экан. Бугунги кунда дунёда 6809 та тил мавжуд бўлиб, уларнинг тенг ярми саккизта давлат - Мексика, Индонезия, Камерун, Бразилия, Ҳиндистон, Хитой, АҚШ ва Россия хиссасига тўғри келади. Энг кўп тилли мамлакат сифатида Ҳиндистон тан олинади. Бу мамлакатда ахоли 845 тил ва лахжада сўзлашади. Иккинчи ўринда эса 600та тил ва шевада сўзлашувчи Папуа — Янги Гвинея туради. Сайёрамизда энг кўп аҳоли сўзлашадиган тил сифатида хитой, инглиз ва испан тиллари тан олинган. Биринчи ўнликка ҳинди, бенгал, араб, португал, немец, рус ва  япон тиллари ҳам киритилган. Жахон тилларининг атиги 4 фоизи Европа қитьасига тўғри келса-да, энг кўп сўзлашувчи тилларнинг тенг ярми “кўҳна қитьа”да экани маълум бўлди. 341 миллион киши инглиз тилини она тили сифатида тан олади, бироқ яна 350 миллион киши бу тилни иккинчи она тили сифатида кўришини маълум қилган. Тахлилчилар хитой ва инглиз тиллари фойдаланиш бўйича ўз мавқеини ошириб бораётганини айтишади. Вазиятни ўрганаётган кузатувчиларнинг фикрича, фойдаланувчилар сони бўйича айни дамда инглиз тили етакчилик қилаётган бўлса, XXI аср ўрталарига бориб, хитой тили асосий тил бўлиб олиши мумкин.  
   Мавжуд тилларнинг 90%нинг ҳар биридан 100.000 аҳоли фойдаланади. Мана шунинг ўзиёқ бу тилларнинг келажаги қоронғулигидан далолат беради. Бугунги кунда  357 тилда атиги 50 нафар киши сўзлашар экан. 46 тилдан эса атиги бир кишининг фойдаланиши айтилади. Уларнинг ўлими билан бу тиллар ҳам йўқолади. Олимларнинг фикрича, тил яшаб қолиши учун ундан камида бир миллон киши сўзлашиши керак экан. Бироқ бундай тиллар дунёда атиги 250 тадир. Ўзбек тили ҳам мана шу 250танинг ичида экани қувонарли, албатта. 
   ЮНЕСКО томонидан нашр қилинадиган “Йўқолиб кетиш хавфи арафасида турган жаҳон тиллари атласи”да Европадаги 50та, Тинч океани минтақасида эса 200та тил йўқолиб кетиш арафасида экани таъкидланади. Африкадаги 1400та тилдан 600таси келажакда, 250таси эса яқин орада бутунлай йўқолиши хақида бонг урилмоқда. 
   АҚШ ҳудудларига еврропаликлар қадам қўйганларида бу минтақада минглаб тиллар мавжуд эди. Айни дамда шимолий Америка ҳиндуларнинг камида 150та тили сақланиб қолган. Лейпциг  университети ходими Бальтазар Бикелянинг сўзларига қараганда,  Кавказда атиги 3-4 киши сўзлашувчи тиллар бор.
   ЮНЕСКО хомийлигида Лейпцигда бўлиб ўтган лингвистларнинг халқаро анжуманида кам сонли халқларнинг тиллари йўқолиб кетишига глобализация айбдор экани айтилди. Бироқ айрим тахлилчилар, тилларнинг йўқолишига  глобализациядан ташқари айрим хукуматлар олиб бораётган сиёсат хам айбдор эканини эслатиб ўтишди. Бу каби вазият асосан Африка мамлакатларида учрамоқда.
   Олимлар инсоният тарихида 9000 мингдан ортиқ тил йўқ бўлиб кетганини айтишади. Нафақат босиб олинган ҳудудлардаги халқларнинг тиллари, балки фотиҳларнинг тиллари хам йўқолиб кетгани тарихдан маълум. Бу борада қадимги юнон, оромий, лотин, санскрит, ведий, ассурий, қадимги форс тилларини мисол сифатида келтириш мумкин. ЮНЕСКО мутахассислари ўлиб ва йўқолиб бораётган тилларни қутқариб қолиш мумкинлигини айтишади. Мисол тариқасида ўтган асрнинг 80 йилларида атиги 8 киши сўзлашган Япониянинг Хоккайдо оролидаги айн тилини келтириш мумкин. Бугунги кунда тикланган бу тилда бир неча минг киши гаплашмоқда. Икки минг йил давомида ўлик тил хисобланиб келинган иврит тили хам қайта истеъмолга киритилди. Бугунги кунда иврит тилида 9 миллион киши сухбатлашади.
   Қадимда халқлар ўз турар жойларидан мажбуран кўчирилганлари боис улар бошқа минтақаларда сўзлашувчи халқлар билан қоришиб кетиб, уларни тилларини ўзлаштиришга мажбур бўлган. Лотин  Америкасидаги айрим халқлар эса алкогол ва гиёҳванд моддалар истеъмоли туфайли  йўқ  бўлиб  кетган.
   Қачонки болалар ўз она тилларида ўқишни тўхтатар экан, ўша тил йўқолиб кетиш арафасига келиб қолади. Тилларни сақлаб қолиш бу ўша халқнинг маданияти, урф-одати, расм-русумларининг сақланиб қолинишини   англатади. Чунки, халқ тақдири тил тақдири билан бевосита боғлиқ. Тил ҳар бир миллат маданиятининг ўзагидир. Шу сабабли ҳам тилнинг сақланиши халқ тараққиёти ва келажагини белгилайди. Тил халқни бирлаштиради, тарбиялайди, ўқитади, урф-одат, аньаналарини сақлайди. Шундай экан, она тилимизнинг обрў-эътиборини юксалтиришда, уни миллий ва умумбашарий тушунчалар асосида тараққий этган тиллар сафига қўшишда ҳар биримиз тилимизга чуқур ҳурмат билан ёндашимиз керак бўлади. “Хорижий тилларни билиш инсоннинг маданиятидан, зиёлилигидан дарак беради. Она тилини билиш эса ҳар бир ўзбек фарзанди олдидаги муқаддас бурч”, деганида донишмандлар минг марта ҳақ фикрни айтишган. Ушбу фикрни келажак авлод онгига сингдириш, она тилига муҳаббати, садоқатини янада мустаҳкамлаш шу тил жонкуярлари - ўқитувчилар, тилшунослар, умуман ўзини шу миллатнинг фарзанди деб билган ҳар бир шахснинг ҳар кунлик бурчи бўлиши шарт. Шундагина ўсиб келаётган ёш авлод тил нега миллий ғурур эканлигини ҳис этадиган бўлиб етишадилар. Шу маънода миллатнинг, халқнинг борлигини билдириб, унинг узоқ тарихи ва бугуни ҳақида маълумот берувчи ўзига хослиги, яъни она тили ҳақида, жонажон ўзбек - тили она тилимиз хусусида сўз кетганда, унинг дунё тиллари орасида ўзига хос мавқега эга эканлигини кўрамиз. . Айни пайтда тилимизнинг ижтимоий мавқеини янада мустаҳкамлаш, юксалтириш учун ҳам беқиёс имконият мавжуд. Дарҳақиқат, ҳар бир миллатнинг, халқнинг ўтган куни, бугуни ва келажагини, унинг мавжудлигини биргина омил - она тили билдириб туради. Жонажон ўзбек тили - она тилимиз хусусида сўз кетганда, шубхасиз унинг дунё тиллари орасида ўзига хос мавқеига эга эканлигини кўрамиз. Тилимизни эъзозлаш, ёш авлодни она тилига ҳурмат руҳида тарбиялашда буюк аждодларимизнинг ҳаёти ва фаолияти катта ибрат мактабидир. Она тилимизнинг обрў-эътиборини юксалтириш, уни миллий ва умумбашарий тушунчалар асосида тараққий этган тиллар сафига қўшиш ҳар биримиздан она тилимизга чуқур ҳурмат билан ёндашишни талаб этади.Тил-миллатимиз фахри, ғуруридир. Айни чоғда орзу-умидларимиз, истиқболимиз унда бўй кўрсатадиган, қалбимиз ойнаси ҳамдир. Шундай экан, она тилимизга доимо хурмат ва эътиборда бўлиб, унинг жамиятимиздаги мавқеини юксалтиришга ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшайлик. Зеро, тил бор экан миллат барҳаёт, унинг истиқболи нурли ва чароғондир.Буюк кишилар таъкидлаганидек, аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган бебаҳо бойликнинг ворислари сифатида она тилимизни асраб-авайлашимиз, бойитиш, нуфузини янада ошириш устида доимий иш олиб боришимиз даркор.
Маърифатпарвар адибимиз Абдулла Авлоний «Ҳар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадиган ойнали ҳаёти тил ва адабиётидир. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдир», деган аниқ ва теран фикрларни баён этганда нақадар ҳақ эди. Дарҳақиқат, дунёда саноқли миллатлар ўз тилига эгадир. Шундай экан, миллатимиз миллийлигини намоён қилиб турувчи она тилимиз софлигини сақлаш, уни бойитиш ва мустаҳкамлашга алоҳида эътибор билан қарашимиз даркор.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, миллий қадриятимизнинг бир бўлаги бўлмиш ўзбек тилининг софлигини таъминлаш, уни асл ҳолатида келажак авлодга етказиш барчамизнинг вазифа ҳамда шарафли бурчимиздир. Зеро, тил миллат руҳи, бойлиги ва гултожидир.