Доклад на тему: РИВОЖЛАНТИРУВЧИ ТАЪЛИМ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИ ВА УСУЛЛАРИ


РИВОЖЛАНТИРУВЧИ ТАЪЛИМ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИ ВА УСУЛЛАРИ
Ривожлантирувчи таълим маълум бир вақтда, ўқувчининг таълимий, тарбиявий, маънавий, руҳий ва жисмоний ривожлантириш ҳамда уни тез ўзгарувчан дунёда жамиятга, ҳаётга мослашувини таъминловчи таълим назариясидир.
Ўз келажагини ўйлаган ҳар бир давлат жамият ҳаётидаги шахсга тааллуқли барча ижтимоий таъсирларни инсоннинг ривожланиши учун, унинг ўзлигини англаши ва намоён қила олиши учун мақсадли равишда йўналтира олган бўлиши керак.
Ривожлантирувчи таълим технологиялар қўлланганда, ўқувчилар қизиқишининг ортишига, билимларнинг кўникмага айланишига, билим сифат-самарадорлигининг ошишига сабаб бўлмоқда.
Маълумки, бошланғич таълим ўқувчиларнинг ақлий ривожланишлари, маънавий фазилатларини ривожлантириб боришга асос яратади. Бу даврда болага бериладиган билимлар воситасида шахснинг онги, тафаккури, дунёқараши ва маънавий дунёсини ўстириб ривожлантириб бориш-таълимда боланинг ривожланиш жараёнини ташкил этишнинг асосий кўринишларидан биридир.
Бошланғич таълимда амалий фаолият ва турли қизиқарли воситалар асосида керакли билимлар сингдирилиб борилади. Бу фаолият жараёнида ўқувчи бирон бир натижага эришиши, образлар орқали тасаввур қилиши, ўз қўли билан бирон нарсаларни яратиши, ижод қилиши орқали ривожлантирилиб борилган бола ўз менини англай бошлайди.
Ривожлантирувчи таълимнинг мақсади-Ўқувчиларда мантиқий, танқидий, таҳлилий, ижодий фикрлашни ривожлантириш орқали баркамол шахсни шакллантиришдан иборатдир.
Ривожлантирувчи таълимнинг вазифаси-шахснинг индивидуал камол топиши учун зарур бўладиган ҳаётий кўникма ва малакаларини ривожлантириш саналади.
Ривожлантирувчи таълимнинг ўзига хос хусусиятлари- ўқувчиларда топшириқларни ечишга оид назарий тушунча ва амалий кўникма, малакаларни шакллантиради. Ўқувчиларнинг ижодий қобилиятларини рўёбга чиқаришга хизмат қилади.
Ривожлантирувчи таълимнинг асосий йўналишлари:
Муаммоли таълим.
Эвристик таълим.
Тадқиқотчилик таълим.
ИМЕН (ТРИЗ) (ихтирочилик Масалаларини ечиш назарияси)
Ривожлантирувчи таълим технологиясининг етакчи тамойиллари:
инкорпорация(тизимли фаолият кўрсатиш)-турли фанларга оид билимларни умумлаштириш;
мосланувчанлик-таълим шакли, усули ва усулларининг турли таълим муассасаларида қўлланувчанлиги;
уйғунлик-муаян ўқув предметига оид ўқув материали мазмунининг шахсини ривожлантириш шакл, усули ваусуллар билан уйғунлиги;
яратувчанлик-турли таълим муассасалари педагогларининг педагогик технологияларини яратиш имкониятлари;
табиийликка асосланиш- генетик ва ижтимоий жиҳатларга мувофиқ ўқувчиларнинг ўзига хос шахсий хусусиятларини ҳисобга олишдан иборатдир.
Ривожлантирувчи таълимнинг айрим технология ва усуллари:
Технологиялар Усуллар
“Бумеранг” “Ақлий ҳужум”
“ФСМУ” “Гуруҳларда ишлаш”
“Венн” диаграммаси “Ролли ўйин”
“Балиқ склети” “Ишбилармонлик ўйини”
“Елпиғич” “Рефлексия”
“Занжир” “Тақдимот”
“Зинама-зина” “Галерея”
“6х6х6” “Т жадвал”
“Дидактик ўйин”
“SWOT” таҳлил
“Икки ёқлама кундалик” “Резюме”
“КБИ” “Мини лекция”
3. ТЕХНОЛОГИЯ ВА УСУЛЛАРНИНГ ОНА ТИЛИ ВА АДАБИЁТ ДАРСЛАРИДА
ҚЎЛЛАНИЛИШИ
“ФСМУ” ТЕХНОЛОГИЯСИ- мунозарали масалаларни ҳал этишда, бахс-мунозаралар ўтказишда ёки ўқув-семинари якунида (ўқувчиларнинг ўқув-семинари ҳақидаги фикрларини билиш мақсадида), ёки ўқув режаси асосида бирон бўлим ўрганиб бўлингач қўлланилиши мумкин, чунки бу технология ўқувчиларни ўз фикрини ҳимоя қилишга, эркин фикрлаш ва ўз фикрини бошқаларга ўтказишга, очиқ ҳолда баҳслашишга, шу билан қаторда ўқувчиларни ўқув жараёнида эгаллаган билимларини таҳлил этишда, қай даражада эгаллаганликлари баҳолаш ва баҳслашиш маданиятига ўргатади.
Мақсад- Ушбу технология ўқувчиларга тарқатилган оддий қоғозга ўз фикрларини аниқ ва қисқа ҳолатда ифода этиб, тасдиқловчи далиллар ёки инкор этувчи фикрларини баён этишга ёрдам беради.
Ўтказиш технологияси:
Ушбу технология бир неча босқичда ўтказилади.
1-босқич
-тренер ўқувчилар билан бирга баҳс мавзусини ёки муҳокама этилиши керак бўлган муаммони, ёки ўрганилган бўлимни белгилаб олади;
-тренер ўқув машғулотида аввал ҳар бир ўқувчи якка тартибда ишлаши, кейин эса кичик гуруҳларда иш олиб борилиши ва ниҳоят дарс охирида жамоа бўлиб ишланиши ҳақида ўқувчиларга маълумот беради;
-машғулот давомида ҳар бир ўқувчи ўз фикрини эркин ҳолда тўлиқ баён этиши мумкин эканлиги эслатиб ўтилади.
2- босқич
Ҳар бир ўқувчига ФСМУ технологиясининг 4-босқичи ёзилган қоғозлар тарқатилган:
Ф- фикрингизни баён этинг.
С- фикрингизни баёнига сабаб кўрсатинг.
М- кўрсатган сабабингизни исботлаб мисол (далил) келтиринг.
У- фикрингизни умумлаштиринг.
Тарқатма материалнинг тахминий нусхаси.
Ҳар бир ўқувчи якка тартибда қоғоздаги ФСМУ-нинг 4-босқичини ўз фикрларини ёзма баён этган ҳолда тўлдиради.
3- босқич
Ҳар бир ўқувчи ўз қоғозларини тўлдириб бўлгач, тренер уларни кичик гуруҳларга бўлинишларини илтимос қилади ёки ўзи турли гуруҳларга бўлиш усулларидан фойдаланган ҳолда ўқувчиларни кичик гуруҳларга бўлиб юборади;
тренер ҳар бир гуруҳга ФСМУ технологиясининг
4-босқич ёзилган катта форматдаги қоғозларни тарқатади;
тренер кичик гуруҳларга ҳар бирлари ёзган қоғозлардаги фикр ва далилларни катта форматда умумлаштирган ҳолда
4-босқич бўйича ёзишларини таклиф этади.
4- босқич
-кичик гуруҳларда аввал хар бир ўқувчи ўзи ёзган ҳар бир босқичдаги фикрлари билан гуруҳ аъзоларини таништириб ўтади. Гуруҳ аъзоларининг барча фикрлари ўрганилгач, кичик гуруҳ аъзолари уларни умумлаштиришга киришади;
-гуруҳ аъзолари ФСМУ нинг 4-босқичини ҳар бири бўйича умумлаштириб, уни ҳимоя қилишга тайёргарлик кўрадилар;
-Фикрларни умумлаштириш вақтида ҳар бир ўқувчи ўз фикрларини ҳимоя этиши, исботланиши мумкин.
5- босқич
-кичик гуруҳлар умумлаштирилган фикларини ҳимоя қиладилар: гуруҳ вакили ҳар бир босқични алоҳида ўқийди иложи борича изоҳ бермаган ҳолда. Баъзи бўлимларни исботлаши, яъни гуруҳларнинг айнан нима учун, шу фикрга келганини айтиб ўтиши мумкин.
6- босқич
-тренер машғулотга якун ясайди, билдирилган фикрларга ўз муносабатини билдиради;
-қуйидаги саволлар билан ўқувчиларга мурожат қилади:
-ушбу тренинг ёрдамида нималарни билиб олдингиз ва нималарга ўргандингиз?
-ушбу технологияни ўқув жараёнида қўлланилиши қандай самара берди?
Намуна:
Она тили фанининг ўқув дастурида “Тасвирий ифода” мавзуси берилган бу мавзуни ўтишда «Тасвирий ифода» лар ҳам ўзбек тили ифода воситаларининг бир кўриниши эканлиги, оғзаки ва ёзма нутқда тутган ўрни ҳақида қисқа изоҳ беради. Тасвирий ифодани ўқувчиларнинг ўзлари топишга жалб қилади. Мисол учун, шеър ўқиб беради.
«Кўрдим, Шукур Бурхон» асари
Кўрдим: Шукур Бурхон “Ҳамза”дан чиқиб,
Аста пиёдалаб кетди бир куни.
Бир ён гавжум кўча, бир ён расталар,
оломон...
Кўпчилик билмади уни.
Репетиция ўтган. Мана у борар,
Чарчоқ, тунд...
Парвосиз ҳаракат аро.
Ҳозиргина улуғ шоҳ Эдип эди,
Энди фуқародан баттар фуқаро.
Устоз! Замонларларнинг дониш макрини
Кўчада гримсиз кўрсатишми бу?!
Кеча йиғлаб сизга талпинган жонлар
Бугун танимасдан ўтарлар, ёҳу!
Шеърни ўқитувчи ифодали қилиб ўқиб берилади. Сўнгра шеърда тасвирланган ҳолатни тасаввур қилиш ва ўзида қандай бир туйғулар сезганлигини гапириб бериш сўралади, тасвирий ифодалар аниқланади. Ўқитувчи ўқувчилар баёнини умумлаштириб, адиб “замонларнинг дўниш макрини” дея кўплаб ўхшатишлар, жонлантиришлардан фойдаланиб, ўзига хос тарзда нафис, гўзал ифодалаб бергани, ўзбек тилининг бой ифода воситаларидан ўринли ва унумли фойдалангани, ўзбек тили имкониятининг беқиёслиги шеърда ўз ифодасини топганлигини айтиб ўтади. Ўқитувчилар юқоридаги босқичлар асосида ўқувчиларнинг фикрларини умумлаштиради.
“ИККИ ҚИСМЛИ КУНДАЛИК” ТЕХНОЛОГИЯСИ- бу педагогик технология бўлиб, ёзма нутқни ривожлантиради. Бу услуб ўқиб чиқилган мавзу бўйича тушунчаларни шахсий тажриба билан боғлашга имкон беради.
Мақсад: ўрганилаётган мавзуга қизиқиш уйғотиш, ёзма нутқни ривожлантириш.
Ўтказиш босқичлари:
1-босқич. Ўқувчиларга олдиндан тайёрлаб қўйилган матн ўқиш учун таклиф этилади.
2-босқич. Ҳамма матн билан танишганига ишонч хосил қилиб, дафтарни вертикал чизиқ билан иккига бўлиш сўралади.
3-босқич. Ўқувчиларга, дафтарни чап томонига муаллиф цитаталар (ғоялари, фикрлари)ни ёққанларини (ёки ёқмаганларини) ёзишлари айтилади.
4-босқич. Ўнг томонга ўқувчи мазкур цитатага берилган ўзини изоҳини ёзади, яъни ўқилган матн ҳақидаги тушунчасини умумлаштириб беради.
5-босқич. Топшириқни шу қисми тугагандан кейин ўқувчиларга (ўз хоҳишига кўра) биттадан цитаталарни ва уларга ёзилган изоҳни ўқиш таклиф этилади. Цитата ва уларнинг изоҳи ўқилаётганда савол бериш ёки мазкур цитатага ўз изоҳини беришга рухсат этилади.
6-босқич. Ўқувчилар шерик (учликлар ёки кичик гуруҳлар) бўлиб ҳам ишлашлари мумкин.
Намуна:
Адабиёт дарси 5-синф ўқув дастурида берилган Ойбекнинг «Ўзбекистон» шеърини ўтишда “Икки қисмли кундалик” технологияси асосида шеърнинг моҳиятини оддий йўллар билан ўқувчига етказиши мумкин.
Бир ўлкаки, тупроғида олтин гуллайди,
Бир ўлкаки, қишларида шивиллар баҳор
Бир ўлкаки, сал кўрмаса, қуёш соғинар…
Бир ўлкаки, ғайратидан асаби чақнар.
Юқорида келтирилган босқичлар асосида иш юритилади, ўқувчилар 2 босқичга кўра, дафтарларини вертикал чизиқ билан иккига бўлиб, 3 босқичга кўра чап томонига муаллиф ғоялари-тупроғида олтин гуллайди, қишларда шивирлар баҳор каби сўзларни ёзишлари айтилади.4-босқичга кўра, ўнг томонга ўқувчи мазкур сўзлар изоҳини ёзади, яъни ўқилган шеър ҳақидаги фикрларини умумлаштириб айтади. Бунда ўқувчилар гуруҳ бўлиб ишлашлари ҳам мумкин.
Ўқувчиларнинг фаолияти ўқитувчининг диққат марказида бўлиши керак. Чунки ўқувчининг фикрлаш олами ва ватанини билиш, ўзлигини кашф этиш борасида ўзларича фикр юритадилар, тахлил қиладилар, муносабат билдирадилар. Бу жараёнда ўқувчининг иш қуроли дарслик саналади. Шеър мазмунини яхши тушунган ўқувчилар шеърни осон ёдлашга эришади.
“3ИНАМА-ЗИНА” ТЕХНОЛОГИЯСИ- бу технологияни ўтказиш учун ўқитувчи ўқувчиларга рангли карточкалар ёрдамида тенг сонли кичик гуруҳларга ажратади.
Ҳар бир кичик гуруҳ учун сардорлар тайёрланади. Сардорлар мавзу саволларини олиб, ўқувчиларга бирма-бир бериб боради.
Агар гуруҳ 6 та ўқувчидан ташкил топган бўлса, ҳар бир ўқувчи саволга жавоб бериши лозим. Саволлар гуруҳ сардорлари томонидан ўқувчиларнинг жавобларини нозорат қилинади.
Ўқувчилар ҳар бир тўғри жавоб учун бир баллдан тўплаб жами 5 баллгача балл тўплаши мумкин. Шундан сўнг, ўқитувчи ўқувчиларнинг тўплаган балига қараб қайта гуруҳлайди. Ҳар бир гуруҳ ўзларининг иқтидорига қараб турли хилдаги топшириқларни беради. Ўқувчилар бу топшириқларни бажариб бўлгандан сўнг, ўзаро савол жавоб ўтказадилар ҳар бир гуруҳ ўз топшириқларини кўргазмали қуроллар асосида баён этади. Топшириқни мукаммал бажарган кичик гуруҳларда ғолиблар аниқланади ва рағбатлантирилади.
“БУМЕРАНГ” ТЕХНОЛОГИЯСИ-бу технология ўқувчи (ёки ўқувчи)ларни дарс жараёнида, дарсдан ташқарида турли адабиётлар, матнлар билан ишлаш, ўрганилган материални ёдида сақлаб қолиш, сўзлаб бериш, фикрини эркин ҳолда баён эта олиш, қисқа вақт ичида кўп маълумотга эга бўлиш ҳамда дарс мобайнида ўқитувчи томонидан барча ўқувчиларни баҳолай олишга қаратилган.
Мақсад-ўқув жараёни мобайнида тарқатилган материалларни ўқувчилар томонидан якка ва гуруҳ ҳолатида ўзлаштириб олишлари ҳамда суҳбат-мунозара ва турли саволлар орқали тарқатма материаллардаги матнлар қай даражада ўзлаштирилганлигини назорат қилиш ва баҳолаш ҳамда ўқув жараёни мобайнида ҳар бир ўқувчи томонидан ўз баҳо (балл) ларини эгаллашга имконият яратишдан иборатдир.
Технологиянинг қўлланиши- амалий машғулотлар, семинар ёки лаборатория машғулотлари ҳамда суҳбат-мунозара шаклидаги дарсларда якка тартибда, кичик гуруҳ ва жамоа шаклида фойдаланиши мумкин.
Машғулотда фойдаланиладиган воситалар. Ўқувчи дарс жараёнида мустақил ўқишлари, ўрганишлари ва ўзлаштириб олишлари учун мўлжалланган тарқатма материаллар (ўтилган мавзу ёки янги мавзу бўйича қисқа матнлар, суратлар, маълумотлар).
Машғулотни ўтказиш тартиби:
Ушбу технология бир неча босқичда ўтказилади:
ўқувчилар кичик гуруҳларга ажратилади;
ўқувчилар дарс (машғулот)нинг мақсади ва тартиби билан таништирилади;
ўқувчиларга мустақил ўрганиш учун мавзу бўйича матнлар тарқатилади;
берилган матнлар ўқувчилар томонидан якка тартибда мустақил ўрганилади;
ҳар бир гуруҳ аъзоларидан янги гуруҳ ташкил этилади;
янги гуруҳ аъзоларининг ҳар бири гуруҳ ичида навбати билан мустақил ўрганган матнлари билан ахборот алмашадилар, яъни бир-бирларига сўзлаб берадилар, матнни ўзлаштириб олишларишга эришадилар;
берилган маълумотларни ўзлаштирилганлик даражасини аниқлаш учун гуруҳ ичида ички назорат ўтказилади, яъни гуруҳ аъзолари бир-бирлари билан савол-жавоб қиладилар;
янги гуруҳ аъзолари дастлабки ҳолатдаги гуруҳларига қайтадилар;
дарснинг қолган жараёнида ўқувчилар билимларини баҳолаш ёки тўплаган балларини ҳисоблаб бориш учун ҳар бир гуруҳда “гуруҳ ҳисобчиси” тайинланади;
ўқувчилар томонидан барча матнлар қай даражада ўзлаштирилганлигини аниқлаш мақсадида ўқитувчи ўқувчиларга саволлар билан мурожаат этадилар, оғзаки сўров ўтказадилар;
ҳар бир гуруҳ аъзоси томонидан гуруҳдаги матннинг мазмунини ҳаётга боғлаган ҳолда биттадан савол тузилади;
гуруҳлар томонидан тайёрланган саволлар орқали савол-жавоб ташкил этилади (“гуруҳ ҳисобчилари” берилган жавоблар бўйича балларни ҳисоблаб борадилар);
гуруҳ аъзолари томонидан тўпланган умумий баллар йиғиндиси асосида ғолиб гуруҳ аниқланади.
Намуна:
Адабиёт фанининг 6-синф (26-27-дарс) дастурида берилган Э.Воҳидовнинг “Ўзбегим” қасидасини ўтишда “Бумеранг” технологиясидан қуйидагича фойданиш мумкин. “Бумеранг” технологиясини қўллашдан мақсад шуки, ўқувчилар бевосита шеърий мисралардаги ғояларни сўзларда баён этишга, бир-бирларининг фикрига танқидий муносабатда бўлишга, аниқ, маъноли сўзларни ёзиш учун ижодий ёндошишга, ўзларининг билимини баҳолашга эришилади, шунингдек, мавзунинг моҳиятини тўлароқ англаши учун замин яратилади. Бу технологияни қўллаш тартиби қуйидагича ташкил этилади.
Гуруҳ аъзоларига иш тартибини, вақтни тушунтириши билан ўз столларидаги А. Навоий, Беруний, Фаробий, Машраб, Улуғбек, Хоразмий каби буюк алломалар(Тарқатма материаллардан намуна: Форобий ўз замонаси илмларнинг барча соҳасиа ката ҳисса қўшганлиги, Шарқ мамлакатларида унинг номи улуғланиб, “Ал-Муаллим ас-соний” –“Иккинчи муаллим” “Шарқ Арастуси” деб юритилган. Форобий туркий қабилалардан бўлган ҳарбий хизматчи оиласида, Сирдарё қирғоғидаги Фороб – Ўтрор деган жойда туғилган. Форобий бошланғич маълумотни она юрти, сўнг Тошкент (Шош), Бухоро, Самарқандда ўқиди. У 160 дан ортиқ асар яратган. Буюк вaтaндoшимиз Aбу Нaср Фaрoбийинг ижтимий- сиёсий ҳaёт, дaвлaтни бoшқaриш мaсaлaлaригa, фиқxшунoслик, eтикa, peдaгoгикaгa дoир aсaрлaри, “Бaxт сaoдaтгa эришув йўллaри” (“Рисoлa фи-т тaнбex oлa aсбoб aс- сaoдaт ”), “Шaxaрни бoшқaриш” (“Aс – сиёсaт aн – мaдaния”), “Уруш вaт инч турмуш ҳaқидa китoб” (“Китоб фитoйии вa-л xуруб”), “Фaзилaтли xулқлaр” (“Aсaшрaт aл – Фaзилa”) шулар жумласидандир) ҳақида маълумотларни ўқиб чиқишади ва ҳар бир гуруҳ тенг бўлинишиб, янги гуруҳ ташкил этишади. Янги гуруҳлар иккинчи столдаги маълумотлар билан ҳам танишади ва ўзларининг билган маълумотлари асосида бир-бирларига сўзлаб беришади. Сўнгра янги гуруҳ аъзолари дастлабки ҳолатдаги гуруҳларига қайтадилар ва қасида ғоясидан келиб чиққан ҳолда, ўқиган, эшитганлари асосида 1-гуруҳ “Ўзбекистон алломалар юрти”, 2-гуруҳ “Адиб ижодиётига бир назар”, 3-гуруҳ “Куй авжида узилмасин тор”, 4-гуруҳ “Шоир-у шеър-у шуур” мавзуларида ўз тақдимотларини яратишга киришадилар. Тақдимот гуруҳдаги ихтиёрий ўқувчи томонидан тингланади, умумий баҳоланади.
Ўқитувчи мавзуни мустаҳкамлаши босқичида “мунозара” усулидан фойдаланилиб, қасидада тилга олинган буюк алломалар ҳақида ўзаро суҳбатлашишлари мумкин.
Ўқитувчи адабиёт фани билан бошқа фанлар орасидаги алоқасига ҳам алоҳида эътибор қаратади.
Оғзаки сўров учун саволларни қуйидагича тузиш мумкин.
1. Берунийнинг илмий ишлари, асарлари ҳақида нима биласиз?
2. Ҳозирдаги юртимиздаги энг катта глобус қаерда сақланади?
3. Форобийнинг "Фозил одамлар шаҳри" номли машҳур асарида халқ раҳбари қуйидаги 12 та фазилат(соғлик, фаросатли, зеҳнли, пок ниятли, ҳақгўй бўлиши каби)га эга бўлиши тилга олинган. Шу фазилатларнинг қайси бири ҳақида асосли фикр айта оласиз?
4. Улуғбек нечанчи йил Мовароуннаҳр ва Туркистоннинг ҳокими этиб тайинланган?
5. Сирдарё ва Амударёларнинг қадимий номларини биласизми?
Саволлар берилгач, гуруҳ аъзолари ўқиган билганлари асосида баҳслашадилар. Ўқитувчи савол-жавоб давомида яхши қатнашган ўқувчи қайси гуруҳдалигини кузатади ва унинг билимини баҳолайди. (Дарс ишланманинг тўлиқ шакли ҳам охирги саҳифаларда келтирилган )

“НУҚТАИ НАЗАРИНГ БЎЛСИН” УСУЛИ.
Мақсади:
-ўқувчилар муайян муаммога ўз нуқтаи назарини асосли далиллаб, химоя қилишга ўрганадилар;
-ўқувчига муаммо муҳокамаси жараёнида ўз фикрини ўзгартириш имконини бериш;
-ўқитувчи барча ўқувчиларни мунозарага жалб этиш ва синфдаги ҳамма ўқувчилар ўртасида мунозара жонланишини юзага келтириши мумкин.
“Нуқтаи назаринг бўлсин” усули ўқувчилар ўртасида мунозара юзага келиши ва улар мунозара жараёнида ўз фикрларини ўз синфдошларидан уларнинг нуқтаи назарини ўзгартиришга ишонтирадиган ғояларни эшитиб ўзгартириш ёки аввалгисини мустаҳкамлаш имконни бериш мақсадида қўлланади. Ўқувчилар шунингдек, мактаб, минтақа, республика ва жумла инсоният учун характерли бўлган энг долзарб муаммолар ўз нуқтаи назарларини асосли далиллаш ва ҳимоя қилишга ўрганадилар.
Ўқувчи очиқдан-очиқ саволлар усули билан одатда дарс жараёнида фаол бўлмаган ўқувчиларни мунозарада иштирок этишга мажбур қилади.
Машқни ўтказиш услубияти
1. Тайёргарлик: ўқитувчи синфнинг тўрт бурчагига ёки синфнинг маълум очиқ маконига тўртта табличка осиб қўяди.
2. Синф ўлчам ёки ўқувчилар сонига боғлиқ ҳолда олти ёки саккиз кўнгиллини чақиради. Борди-ю, ўйинда синф ўқувчиларнинг бир қисми иштирок этса, унда қолганлари ўз жойларида ўтираверадилар.
3. Ўйин пайтида банд бўлиши учун иштирок этмаётган ўқувчиларга ҳам топшириқ бериш зарур.
Ўйининг ўзини бошлашдан аввал ўқитувчи дарсга йўл-йўриқлар бериши зарур, жумладан:
1.Такидлов ўқиб берилганидан кейин ўз фикрингизга мувофиқ табличкалар ёнидан жой эгалланг.
2. Ўз нуқтаи назарингизни асосли далиллаб беришга шай туринг.
3. Агар муаммога нуқтаи назарингизни ўзгартиришга ундовчи асосли далилни эшитсангиз, ўз ўрнингизни алмаштиришингиз мумкин.
4.Синфдошларингиз такидларига ўз фикрингизни баён этишга шай туринг.
5. Ўқитувчи ўйинда иштирок этмаётган ўқувчиларга топшириқлар беради, масалан:
уларнинг фикрича энг аҳамиятли таъкидловларни ёзиб бориш;
-ўйин жараёнида ўз ўрнини ўзгартирмаган ўқувчиларни ёзиб бориш;
-энг асосли далиллаб берилган жавобларни ёзиб бориш.
Намуна:
Адабиёт фани 6-синф (62-64-дарс) дастурида берилган Тоғай Муроднинг “Юлдузлар мангу ёнади” асари ғоясини тушунтиришда “Нуқтаи назаринг бўлсин” усулидан фойдаланиб дарсни ташкил этиш мумкин.
“Нуқтаи назаринг бўлсин” усулининг мақсади шуки, ўқувчини бевосита адибнинг ижодий ишлари, маънавий меросимизга қўшган улкан ҳиссалари тўғрисида (адибнинг ўзидан, ёру-дўстлари томонидан баён этилган) видео- лавҳаларда кўсатиш, асардаги сўзларни ўқувчи томонидан ўқитилмай, балки асар қаҳрамонлари томонидан видео- лавҳалар орқали етказишни таъминлашдан иборатдир.
Маълумки, инсон маълумотнинг кўп қисмини кўриш ва эшитиш органлари орқали қабул қилади. Бу технологиялар орқали дарсни ташкил этиш ўқувчиларни бир вақтда кўрганлари асосида ишлашга, бу улардаги тафаккурнинг ривожланишига ёрдам беради.
Ўқитувчи тайёрланган бу лавҳаларни кўрсатиш билангина мақсадга эришмайди, уни изоҳлаши, тўлдириб бориши, ўқувчиларни жалб қила олиши, танқидий-мушоҳадали фикрларини эшитиши, изоҳлаб, хулосалаб бориши лозим.
Тайёрланган видео лавҳада “Юлдузлар мангу ёнади”асар қаҳрамонларининг кураш жараёни тасвирга олиниб, (асар матни бўйича)уларнинг овозлари ҳам ёзилган тасвир кўрсатилади.
Тасвирда Бўри полвон Исмоил полвон билан кураш тушади, курашда ғолиб бўлган Бўри полвонга қарата, муаллиф “Ёшлик-ёшлигини, кўпни кўрганлик-кўпни кўрганлигини қилди , тажриба, тажриба- ғалаба қозонди”- дейди.
Савол – Бўри полвон қандай ғалаба қозонди, “Ёшлик-ёшлигини, кўпни кўрганлик-кўпни кўрганлигини қилди , тажриба, тажриба- ғалаба қозонди” сўзини ким қандай изоҳлайди?.
“Нуқтаи назаринг бўлсин” усули орқали ўқитувчи ўқувчиларнинг кураш жараёнини баҳолай олиши, курашда ғолиб бўлиш йўлларини топиши, савол юзасидан ҳар ким ўзининг мустақил (ўрнида танқидий)фикрини билдиришга алоҳида эътибор қаратади.
Ўқитувчи фикрларни умумлаштиради, хулосалайди, берилган саволларнинг жавобини ўқувчининг билдирган фикрларида эканлигини таъкидлайди, баҳолайди.
“маъруза” УСУЛИ-мавзуни таълим берувчи томонидан “монолог” сифатида баён этишдир.
Мавзунинг ўзлаштирилишини яхшиловчи омиллар:
-мавзуни содда тилда баён қилиш;
-фикрларни қисқа ва аниқ ифодалаш;
-равон тилда, яхши талаффуз билан гапириш;
-маъруза қисмларининг тузилиши ва мантиқий боғлиқлигини таъминлаш;
-мавзу қисмларига алоҳида эътибор бериш.
Мавзуни содда тилда баён этиш:
Мавзуни содда тилда баён этиш -уни таълим олувчиларга тушунарли тарзда етказишдир;
Унга қўйидагилар ёрдамида эришилади.
-қисқа ва содда тузилишга эга гаплардан фойдаланиш;
- оддий сўзларни ишлатиш;
- атамалар маъносини тушунтириб бериш;
- хорижий тиллардан кирган атамалардан иложи борича фойдаланмаслик;
- фаол феълларни ишлатиш;
- фикрларни кўргазмали баён қилиш;
Фикрларни қисқа ва аниқ ифодалаш:
- бутунлай ўқув мақсадига қаратилган;
- асосий мазмунга қаратилган;
- тўғри ифодалардан ташкил топган;
- муҳим ва керакли изоҳлар билан таъминланган бўлмоғи керак.
Равон тилда, яхши талаффуз билан гапириш:
-таълим олувчилар учун эшитиларли баландликда;
-сўзларни аниқ талаффуз қилиш;
-керакли гапларга ва сўзларга урғу бериб, гапириш билан эришилади.
Маъруза қисмларини тузишда қуйидагиларга эътибор берилади:
-мавзу билан таништириш;
-мавзуни асослаш(аҳамиятини тушунтириш);
-маърузани мантиқий боғлиқлик асосида олиб бориш;
-маърузани якунлаш.
Маърузани мантиқий боғлиқлигини таъминлашга:
-маълумотларни мантиқий кетма-кетликда бериш;
-маъруза қисмлари орасида ўзаро алоқалар бўлишини таъминлаш;
-бир фикрдан бошқасига сакраб ўтмаслик асосий ва асосий бўлмаган маълумотларни фарқлаш орқали эришилади.
Намуна:
Ўқитувчи дарсларда ахборот коммуникацион технологияларни фойдаланишда “Маъруза” усули орқали дарсни қуйидагича ташкил этиши мумкин. Ўқитувчи аввало ўқувчиларга информатика ўқитувчиси билан бирга тушунтириш ишларини олиб боради, яъни ўқувчининг қандай ўз блогини яратиши, ўз блогдан қандай фойдаланиши тушунтирилади. Фаннинг бўлими, чорак охирида тақдимот қилиниши белгиланиб, дастурдаги мавзулар ўқувчилар ихтиёрига қараб тақсимланади. Ўқувчилар мавзу танлаб, шу мавзу бўйича маъруза асосида ўз блогини яратади. Бунда ўқувчилар бир-бириникини ўқиши ҳамда дарсдан ташқари ҳам интернетдан фойдаланиб ўз блогини бойитиб бориши мумкин. Бундан кўзланган мақсад шуки, ўқувчилар дарс мавзусини ёритишга бевосита ўзларини жалб қилиш ва блог матни учун ҳаётий мисолларни, мазмунли маълумотларни қидириб топишини юклайди. Ҳар бир ўқувчининг маърузаси қайси мавзуда бўлишидан қатъий назар ўқитувчи томонидан алоҳида кўриб чиқилиши ва баҳоланиши лозим.
“ақлий ҳужум” УСУЛИ - бирор муаммо бўйича таълим олувчилар томонидан билдирилган эркин фикр ва мулоҳазаларни тўплаб, улар орқали маълум бир ечимга келинадиган усулдир. "Ақлий ҳужум" усулининг ёзма ва оғзаки шакллари мавжуд. Оғзаки шаклида таълим берувчи томонидан берилган саволга таълим олувчиларнинг ҳар бири ўз фикрини оғзаки билдиради. Таълим олувчилар ўз жавобларини аниқ ва қисқа тарзда баён этадилар. Ёзма шаклида эса берилган саволга таълим олувчилар ўз жавобларини қоғоз карточкаларга қисқа ва барчага кўринарли тарзда ёзадилар. Жавоблар доскага (магнитлар ёрдамида) ёки «пинборд» доскасига (игналар ёрдамида) маҳкамланади. "Ақлий ҳужум" усулининг ёзма шаклида жавобларни маълум белгилар бўйича гуруҳлаб чиқиш имконияти мавжуддир. Ушбу усул тўғри ва ижобий қўлланилганда шахсни эркин, ижодий ва ностандарт фикрлашга ўргатади.
"Ақлий ҳужум" усулидан фойдаланилганда таълим олувчиларнинг барчасини жалб этиш имконияти бўлади. Шу жумладан таълим олувчиларда мулоқот қилиш ва мунозара олиб бориш маданияти шаклланади. Таълим олувчилар ўз фикрини фақат огзаки эмас, балки ёзма равишда баён этиш маҳорати, мантиқий ва тизимли фикр юритиш кўникмаси ривожланади. Билдирилган фикрлар баҳоланмаслиги таълим олувчиларда турли ғоялар шаклланишига олиб келади. Бу усул таълим олувчиларда ижодий тафаккурни ривожлантириш учун хизмат қилади. "Ақлий ҳужум" усули таълим берувчи томонидан қўйилган мақсадга қараб амалга оширилади:
1. Таълим олувчиларнинг бошланғич билимларини аниқлаш мақсад қилиб қўйилганда, бу усул дарснинг мавзуга кириш қисмида амалга оширилади.
2. Мавзуни такрорлаш ёки бир мавзуни кейинги мавзу билан боғлаш мақсад қилиб қўйилганда -янги мавзуга ўтиш қисмида амалга оширилади.
3. Ўтилган мавзуни мустаҳкамлаш мақсад қилиб қўйилганда-мавзудан сўнг, дарснинг мустаҳкамлаш қисмида амалга оширилади.
“Ақлий ҳужум” усулини қўллашдаги асосий қоидалар:
1. Билдирилган фикр-ғоялар муҳокама қилинмайди ва баҳоланмайди.
2. Билдирилган ҳар қандай фикр-ғоялар, улар ҳатто тўғри бўлмаса ҳам инобатга олинади.
3. Ҳар бир таълим олувчи қатнашиши шарт.
Муаммоли савол берилади
Фикр ва ғоялар эшитилади ва жамлаб борилади
Фикр ва ғоялар гуруҳланади
Аниқ ва тўғри жавоб танлаб олинади
“Ақлий ҳужум” усулининг босқичлари қуйидагилардан иборат.
1.Таълим олувчиларга савол ташланади ва уларга шу савол бўйича ўз жавобларини (фикр, ғоя ва мулоҳаза) билдиришлари сўралади;
2.Таълим олувчилар савол бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришади;
3.Таълим олувчиларнинг фикр-ғоялари (магнитафонда, видеотасмада, рангли қоғозларда ёки доскада) тўпланади;
4.Фикр-ғоялар маълум белгилар бўйича гуруҳланади;
5.Юқорида қўйилган саволга аниқ ва тўғри жавоб танлаб олинади.
НАМУНА:
Адабиёт 8-синф (48-49-дарс) дастурида берилган Озод Шарафиддиновнинг “Ўлсам айрилмасман қучоқларингдан” мақоласи мавзусини ўтишда “Ақлий ҳужум” усулидан фойдаланиб, қуйидаги сўзлар асосида ўқувчиларнинг янги мавзу юзасидан фикрларини умумлаштириш мумкин.
Ўқитувчи мавзуни тушунтириб бўлганидан сўнг, ушбу парчани ўқувчиларга ўқитади.
Мақолада муаллиф, “Адибнинг эски жўвадаги кўримсиз, торгина, кичик залда эшитган Уйғун қаламига мансуб,
Ватан – она сўзи нақадар лазиз,
Сенсан ҳар нарсадан мўътабар азиз,
Ҳикматингни сақлар ҳар бир ўғил-қиз,
Муқаддас, мўътабар, улуғ Ватаним,
Ўлсам айрилмасман, қучоқларингдан.
ушбу шеър ҳақида, ҳаяжон билан қуйидагича; “...шеър мисралари айниқса, ҳар бир банд охирида такрорланаётган “Ўлсам айрилмасман қучоқларингдан” деган ибора гўё юрагимда туғилиб, ичимдан жўшиб чиқаётгандек, учта оддий сўздан таркиб топган бу оташин хитоб шеър эмас, бутун умр амал қиладиган тантанавор қасамдай жарангларди.
Кейин чиндан шундай бўлди....” –деб ёзган.
Қуйидаги матнни ўқитувчининг ўзи ўқиб беради.
Илова:
“Жаҳон кенг, дунёда мамлакатлар кўп. Лекин бу оламда бетакрор она юртимиз, Ўзбекистонимиз якка-ю ягона. Бу гўзал юрт, бу муқаддас замин фақат бизга аталган. Мана шу улуғ туйғу ҳар биримизнинг ҳаётимиз мазмунига айланишини истардим. Биз шундай маънавий муҳит яратишимиз керакки, юртимизнинг ҳар бир бурчагида, барча шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфасида Ватандан фахрланиш ҳисси кўзимизни, қалбимизни яшнатиб турсин. (И. Каримов. “Юксак маънавият – енгилмас куч” асаридан.) Савол: Хўш, муаллиф нега “Ўлсам айрилмасман қучоқларингдан”деган, сизнинг фикрингизча қучоғи нима экан.
Ўқувчилар икки матн билан танишиб бўлгач, яхшигина тортишиб фикрлашадилар, бир вақтнинг ўзида мақола матни билан бирга унга боғлиқ юртимиз сарҳадлари, буюк қадамжолари ҳақида ўқувчиларни мавзу ичига чуқурроқ олиб киришни назарда тутади.
Бу усулининг танланишидан мақсад шуки, ўқувчилар орасида дўстона муҳитни вужудга келтириш, она Ватанни севиш ва унинг тупроғини эъзозлаш, табиатга ва атрофимиздаги ҳар бир мавжудотга нисбатан меҳр туйғуларини уйғотишдан иборатдир.
АРРА УСУЛИ- Ушбу усул 1978 йилда Э.Аронсон томонидан ишлаб чиқилган. Педагогик амалиётда мазкур усулда кичик гуруҳлар 6-8 нафар ўқувчидан ташкил топади.
Методнинг мақсади шуки, кичик гуҳда ишлаши билан бирга жамоа ва кичик гуруҳлар фаолияти узвий олиб борилади, барча ўқувчилар тўлиқ жалб этилади, ўйлаган фикрларини ёзмада баён этиш кўникмаларини ривожлантиради.
Дарс давомида ўрганиладиган мавзу(ёзилган матн) мантиқан тугалланган қисмларга ажратилади. Ҳар бир қисм юзасидан ўқувчилар бажарилиши лозим бўлган ўқув топшириқлари тузилади. Ҳар бир ўқувчилар гуруҳи мазкур топшириқларнинг биттасини бажаради ва шу қисм бўйича «мутахасис»га айланади. Сўнгра гуруҳлар қайта ташкил этилади. Бу гуруҳларда ҳар бир қисм (блок ёки модул) «мутахассис» бўлиши шарт, мазкур «мутахассис»лар ўзлари эгаллаган билимларни худди «арра» тишлари кетма-кет келганидек навбат билан ўртоқларига баён қилишади. Мазкур гуруҳларда ўқув материали мантиқий кетма-кетликда қайта ишлаб чиқилади.
1986 йили Р.Славин “Арра” усулини қисман ўзгартириб, “Арра-2” усулини яратди. Мазкур усулга кўра кичик гуруҳ 4-5 ўқувчидан ташкил топади. Барча гуруҳ аъзолари ўқув материали юзасидан тузилган ягона топшириқ устида ишлайди. Гуруҳ ичида ўқувчилар топшириқларни қисмларга ажратиб, бўлиб оладилар. Ҳар бир ўқувчи ўзига тегишли қисмини пухта ўзлаштириб «мутахасис»га айланади. Дарс охирида ҳар бир кичик гуруҳдаги «мутахассис»лар учрашуви қайта ташкил этилган гуруҳларда ўтказилади.
Ўқувчилар билими тест саволлари ёрдамида индивидуал тарзда ўтқазилиб назорат қилинади ва баҳоланади. Гуруҳ аъзоларининг баллари жамланади, энг юқори балл тўплаган гуруҳ ғолиб саналади.
Намуна:
Адабиёт фанидан 9 синф (2-5-дарс) дастурида берилган “Алпомиш” достонини (2-соатини) ўтишда “Арра” усулидан фойдаланиб, ўқувчилардаги эгаллаётган билимларини текшириш мумкин.
Шартнинг қоидасига кўра, бугун дарсдаги ўзлаштирган билими ва ойнаи жаҳонда кўрган-билганлари асосида асар қаҳрамони тилидан такрорланмаган фикрлар ёзилади.
Ўқитувчи “Болалик даврим”, “Халқим менинг бахтим”, “Бойсари дерлар менинг отимни” мавзулари ёзилган варақни гуруҳ аъзоларига тарқатади. Варақлар гуруҳларда ва жамоа қўлидан ўтади. Ҳар бир гуруҳ аъзоси қаҳрамон тилидан тез фурсатда маъноли мутахассис сифатида ниманидир ёзиши керак. Мисол учун, Ҳакимижоннинг болалик даври тўғрисида ўқувчилар-“Алпинбий бобомдан қолган ўн тўрт ботмон биричдан бўлган парли ёйни кўтардим”-сўзларини ёзиши мумкин. Ўқитувчи бунинг натижасини ўқувчиларнинг ўзлари билан биргаликда умумлаштиради, хато сўзларни тўғирлаши асосида ягона варианти ишлаб чиқилади.
“КИЧИК ГУРУҲЛАРДА ИШЛАШ” УСУЛИ- бу таълим олувчиларни фаоллаштириш мақсадида уларни кичик гуруҳларга ажратган ҳолда ўқув материалини ўрганиш ёки берилган топшириқни бажаришга қаратилгаи дарсдаги ижодий ишни ривожлантиришдир.
Ушбу усул қўлланилганда таълим олувчи кичик гуруҳларда ишлаб, дарсда фаол иштирок этиш имконига, бошловчи ролида бўлиш, бир-биридан ўрганиш ва турли фикрларни қадрлаш имконига эга бўлади. "Кичик гуруҳларда ишлаш" усули қўлланилганда бошқа интерфаол усулларга қараганда вақтни тежаш имконияти мавжуд бўлади. Чунки таълим берувчи бир вақтнинг ўзида барча таълим олувчиларни мавзуга жалб этади ва баҳолай олади. Қуйида "Кичик гуруҳларда ишлаш" усулининг босқичси келтирилган.
“Кичик гуруҳларда ишлаш” усулининг босқичлари:
1.Фаолият йўналиши аниқланади. Мавзу бўйича бир-бирига боғлиқ бўлган масалалар белгиланади.
2. Кичик гуруҳлар белгиланади. Таълим олувчилар гуруҳларга 3-6 кишидан бўлинишлари мумкин.
3. Кичик гуруҳлар топшириқни бажаришга киришадилар.
4. Таълим берувчи томонидан аниқ кўрсатмалар берилади ва йўналтириб турилади.
5. Кичик гуруҳлар тақдимот қиладилар.
6. Бажарилган топшириқлар муҳокама ва таҳлил қилинади.
7. Кичик гуруҳлар баҳоланади.
Намуна:
А.Навоийнинг «Фарҳод ва Ширин» асари ўтишда машғулотнинг бориши:
1-қадам: Ўқувчилар 1-4 гача бўлган рақамлар асосида «Кичик гуруҳлар»га бўлинадилар (1-2-3-4)
2-қадам: Гуруҳлар мавзу доирасида ўз гуруҳларига ном танлаб, изоҳ берадилар.
3-қадам. Ҳар бир гуруҳга саволлар берилади:
1-гуруҳ учун: А.Навоий ҳаёти ва фаолияти ҳақида маълумот беринг.
2-гуруҳ учун: “Фарҳод ва Ширин” достонининг мазмун-моҳияти ҳақида фикрларингизни умумлаштиринг.
3-гуруҳ учун: “Фарҳод ва Ширин” достонидаги қаҳрамонларга муносабат билдиринг.
4-гуруҳ учун: “Фарҳод ва Ширин” достони нинг тарбиявий аҳамияти: Асар сизга қандай тассурот қолдирди? Кичик гуруҳлар топшириқни бажаришга киришадилар.
4-қадам: Ўқитувчи томонидан аниқ
регламент, интизом, ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат, қисқа ва аниқлик бўйича кўрсатмалар берилади.
5-қадам: Кичик гуруҳлар ўз ишларини «Тақдимот» қиладилар.
6-қадам: Бажарилган топшириқлар муҳокама ва таҳлил қилинади.
7-қадам: Кичик гуруҳлар иши баҳоланади.
Бу метод орқали ўзлаштириш яхшиланади, барча ўқувчилар машғулотга жалб этилади, мулоқотга киришиш кўникмасининг такомиллашига олиб келади, вақт тежалади, ўз-ўзини ва гуруҳлараро баҳолаш имконияти мавжуд бўлади.

“давра суҳбати” усули.

"Давра суҳбати усули - айлана стол атрофида берилган муаммо ёки саволлар юзасидан таълим олувчилар томонидан ўз фикр- мулоҳазаларини билдириш орқали олиб бориладиган ўқитиш усулидир. "Давра суҳбати" усули қўлланилганда стол-стулларни доира шаклида жойлаштириш керак. Бу ҳар бир таълим олувчининг бир-бири билан "кўз алоқаси"ни ўрнатиб туришига ёрдам беради. Давра суҳбатининг оғзаки ва ёзма шакллари мавжуддир. Оғзаки давра суҳбатида таълим берувчи мавзуни бошлаб беради ва таълим олувчилардан ушбу савол бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришларини сўрайди. Таълим олувчилар эса ўз фикр-мулоҳазаларини оғзаки баён этадилар. Сўзлаётган таълим олувчини барча диққат билан тинглайди. Агар муҳокама қилиш лозим бўлса, барча фикр-мулоҳазалар тингланиб бўлингандан сўнг муҳокама қилинади. Бу эса таълим олувчиларнинг мустақил фикрлашига ва нутқ маданиятининг ривожланишига ёрдам беради.
Белгилари:
1-таълим олувчилар
2-айлана стол
Ёзма давра суҳбатида ҳам стол-стуллар айлана шаклида жойлаштирилиб, ҳар бир таълим олувчига конверт қоғози берилади. Ҳар бир таълим олувчи конверт устига маълум бир мавзу бўйича ўз саволини беради ва "Жавоб варақаси"нинг бирига ўз жавобини ёзиб, конверт ичига солиб қўяди. Шундан сўнг конвертни соат йўналиши бўйича ёнидаги таълим олувчига узатади. Конвертни олган таълим олувчи ўз жавобини "Жавоблар варақаси"нинг бирига ёзиб, конверт ичига солиб қўяди ва ёнидаги таълим олувчига узатади. Барча конвертлар айлана бўйлаб ҳаракатланади. Якуний қисмда барча конвертлар йиғиб олиниб, таҳлил қилинади.
“Давра суҳбати” усулининг босқичлари:
1. Машғулот мавзуси эълон қилинади.
2. Таълим берувчи таълим олувчиларни машғулотни ўтказиш тартиби билан таништиради.
3. Ҳар бир таълим олувчига биттадан конверт ва жавоблар ёзиш учун гуруҳда нечта таълим олувчи бўлса, шунчадан "Жавоблар варақалари"ни тарқатилиб, ҳар бир жавобни ёзиш учун ажратилган вақт белгилаб қўйилади. Таълим олувчи конвертга ва "Жавоблар варақалари"га ўз исми-шарифини ёзади.
4. Таълим олувчи конверт устига мавзу бўйича ўз саволини ёзади ва "Жавоблар варақаси"га ўз жавобини ёзиб, конверт ичига солиб қўяди.
5. Конвертга савол ёзган таълим олувчи конвертни соат йўналиши бўйича ёнидаги таълим олувчига узатади.
6. Конвертни олган таълим олувчи конверт устидаги саволга "Жавоблар варақалари"дан бирига жавоб ёзади ва конверт ичига солиб қўяди, ҳамда ёнидаги таълим олувчига узатади.
7. Конверт давра столи бўйлаб айланиб, яна савол ёзган таълим олувчининг ўзига қайтиб келади. Савол ёзган таълим олувчи конвертдаги "Жавоблар варақалари"ни баҳолайди.
8. Барча конвертлар йиғиб олинади ва таҳлил қилинади.
Ушбу усул орқали таълим олувчилар берилган мавзу бўйича ўзларининг билимларини қисқа ва аниқ ифода эта оладилар. Бундан ташқари ушбу усул орқали таълим олувчиларни муайян мавзу бўйича баҳолаш имконияти яратилади. Бунда таълим олувчилар ўзлари берган саволларига гуруҳдаги бошқа таълим олувчилар берган жавобларини баҳолашлари ва таълим берувчи ҳам таълим олувчиларни объектив баҳолаши мумкин.
Намуна:
Адабиёт фанининг 5-синф дастрида берилган Ханс Христиан Андерсен. "Булбул" ҳикоясини ўтишда мустаҳкамлаш қисмида ўқувчиларда аслни сохтадан ажратишни ўргатиш, мавзу моҳиятини тўлақонли тушунтириш маъносида “Жонли булбул ҳар гал ўзича куйлар, сунъий булбул эса ... фақат бир йўсинда қўшиқ айтар эди”, – деган сўзнинг маъносига ўқувчилар эътиборини қаратади. Ўқитувчи “давра суҳбати” усули оғзаки сўраш орқали ўқувчининг фикрларини умумлаштириш мумкин. Ёки, юқорда таъкидланган ўтказиш босқичидан фойдаланиб, кетма-кетликда “жавоблар варақаси” асосида ташкил этилиши мумкин.
Ўқувчилар бунда табиий билан сунъий булбул асосида ҳаётдаги чин билан сохтанинг фарқига боришни ўрганадилар.

“МУАММОЛИ ВАЗИЯТ” УСУЛИ - таълим олувчиларда муаммоли вазиятларнинг сабаб ва оқибатларини таҳлил қилиш, ҳамда уларнинг ечимини топиш бўйича кўникмаларини шакллантиришга қаратилган усулдир.
"Муаммоли вазият" усули учун танланган муаммонинг мураккаблиги таълим олувчиларнинг билим даражаларига мос келиши зарур. Улар қўйилган муаммонинг ечимини топишга қодир бўлишлари керак, акс ҳолда ечимни топа олмаслик, таълим олувчиларнинг қизиқишлари сўнишига, ўзларига бўлган ишончларининг йўқолишига олиб келади. «Муаммоли вазият» усули қўлланилганда таълим олувчилар мустақил фикр юритишни, муаммонинг сабаб ва оқибатларини таҳлил қилишни, унинг ечимини топишни ўрганадилар.
“Муаммоли вазият” усулининг босқичлари:
1. Таълим берувчи мавзу бўйича муаммоли вазиятни танлайди, мақсад ва вазифаларни аниқлайди. Таълим берувчи таълим олувчиларга муаммони баён қилади.
2. Таълим берувчи таълим олувчиларни топшириқнинг мақсад, вазифалари ва шартлари билан таништиради.
3. Таълим берувчи таълим олувчиларни кичик гуруҳларга ажратади.
4. Кичик гуруҳлар берилган муаммоли вазиятни ўрганадилар. Муаммонинг келиб чиқиш сабабларини аниқлайдилар ва ҳар бир гуруҳ тақдимот қилади. Барча тақдимотдан сўнг бир хил фикрлар жамланади.
5. Бу босқичда муаммонинг оқибатлари тўғрисидаги фикр-мулоҳазаларни тақдимот қиладилар. Тақдимотдан сўнг бир хил фикрлар жамланади.
6. Муаммони ечишнинг турли имкониятларини муҳокама ва таҳлил қиладилар. Муаммоли вазиятни ечиш йўлларини ишлаб чиқадилар.
7. Кичик гуруҳлар муаммоли вазиятнинг ечими бўйича тақдимот қиладилар ва ўз вариантларини таклиф этадилар.
8. Барча тақдимотдан сўнг бир хил ечимлар жамланади. Гуруҳ таълим берувчи билан биргаликда муаммоли вазиятни ечиш йўлларининг энг мақбул вариантларини танлаб олади.
Намуна:
Ўқитувчи А.Қаҳҳорнинг 7-синфдаги “Ўғри” ҳикоясини ўтишда экран орқали “Қобил бобога Амин нега ёрдам бермади?” - деган муаммоли савол асосида муаммоли вазият вужудга келтирилади, мавзунинг мазмунини тўлиқроқ ўзлаштиришга эришади. Ўқувчилар асардаги Қобил бобонинг ишонувчанлиги, кўнгли бўшлиги, соддалиги, Элликбоши Приставга хабар бермаганлиги тўғрисидаги жавобларни айтишади, жадвални тўлдиришади.
Топшириқни гуруҳ аъзолари қуйидагича бажарадилар:
“Оқловчи” “Қораловчи”
Қобил бобо оиласининг тирикчилиги шу биргина ҳўкиз орқасидан ўтиб турарди Қобил бобо ўта ишонувчан, мустақил фикрга эга эмас

Гуруҳлар орасидан битта суд ижрочиси тайинланади. Суд ижрочиси охирида гуруҳларнинг ёзганларини хулосалайди ва ўқитувчиси билан биргаликда ҳукм чиқариб, тақдимотга олиб чиқади.
Суд ижрочиси ўз сўзини исботлаш учун гувоҳларни чақиради ва гувоҳликка чиққан ўқувчилар ўз ёзганларини исботлашга ҳаракат қиладилар, суд ижрочиси ўз асосларини баён қилади.
Ўқитувчи барча ўқувчининг жавобини умумлаштириш жараёнида қуйидагиларга эътиборини қаратиши лозим:
1. Муаммоли саволга аниқ жавоб топишга ундаш.
2. Муаммога алоқаси бор деб ўйлаган барча фикрларга эътибор қаратиш.
3. Кўрган, эшитган, ўқиганлари асосида мустақил фикрларини айтиш, ўз билимларини баҳолай олишга шароит яратиш.
4. Ҳар бир гуруҳ аъзоларининг мустақил фикрларини қисқа, лўнда, тиниқ, аниқ қилиб ифодалашларига кўмаклашиш.
5. Ўртоғининг ўзидан яхши фикрлашини сидқидилдан тан олишга, уларга ҳавас қилишга, уларни паст даражада фикрлаётганлигини тан олишга йўналтириш.
6. Ўртоғининг ижобий жавобларини ўзлаштиришга ҳаракат қилиш.
7. Дарсликдан унумли фойдаланишни билиш.
Ўқитувчи умумлаштириш жараёнида аниқ асосли жавоб аниқланади, яхши иштирок этган ўқувчилар рағбатлантирилади, баҳоланади.
Мазкур ўйиндан мақсад-ўқувчиларга мавзу мазмунини чуқур етказиш билан бирга ҳаётда учрайдиган ҳақсизлик ва адолатсизликка қарши одилона кураша билишни ўргатишдан иборатдир.